navstat

 

 

Biz Ijtimoiy tarmoqlarda

 

Document

 

 

 

Foydali ma'lumotlar

 

Bank.uz - O'zbekiston banklari haqida hamma narsa.

    

So'rovlar

Saytimizga baho bering ?




Sayt statistikasi

  • Sayt ko'rildi: 1057316
  • Foydalanuvchilar: 3

Obuna bo'lish

Elektron pochta manzilini kiriting !

 

 

YUKLAB OLISH

Document

Замонавий “cтатистика дунёси”да халқаро ҳамкорликнинг ўрни

 

 

Мамадалиев Одилжон Тоирович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика
қўмитаси Ахборотларни тарқатиш, халқаро 
ҳамкорлик ва ахборот алмашув бошқармаси бошлиғи 

 Расмий статистик фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликнинг ахамияти ва долзарблиги

XXI асрда халқаро иқтисодий муносабатларнинг жадал ривожланиши мамлакатларда статистик маълумотлардан оптимал фойдаланишни рағбатлантиради ва миллий статистика тизимларини такомиллаштиришга ундайди.

Миллий статистика идораларининг ўзаро ҳамкорлиги статистик маълумотлар ва услубиётлар билан ҳамда статистик кузатувлар ўтказиш борасида ўзаро тажриба алмашув, расмий статистиканинг инфратузилмасини ташкил этиш, фойдаланувчилар ва респондентлар билан ўзаро самарали алоқаларни ўрнатиш масалаларига қаратилган. Бу ишлар, ўз навбатида, миллий амалиётни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бироқ, миллий статистика идораларининг халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилган ҳамкорлик доирасида амалга оширадиган фаолият кўлами янада аҳамиятлидир. Ушбу ҳамкорлик доираси жуда кенг бўлиб, халқаро ишчи гуруҳлар доирасидаги алоқаларни, учрашувларда иштирок этишни, шунингдек, статистикани такомиллаштириш бўйича тадбирларни ўз ичига олади.

Статистика соҳасида халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – халқаро ташкилотлар дастурлари асосида миллий статистика идораларидан маълумотларни йиғиш, мамлакатлар кесимида солиштирма статистик маълумотларни тарқатиш, халқаро статистик стандартлар, қўлланма ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда миллий статистика идоралари томонидан жорий этишга қўмаклашиш ҳисобланади.

Статистика соҳасида расмий статистика тизимларининг тузилиши ёки такомиллаштирилиши лозим бўлган мамлакатларга техник кўмак ва ресурсларни йўналтирувчи мамлакат ва ташкилотлар аниқланади.

Ҳамкорлик мамлакатларнинг минтақавий гуруҳлари эхтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этилади, бу эса сезиларли таъсирга эга бўлади, чунки мазкур мамлакатларда статистика соҳасида ўхшаш устуворликлар мавжуд бўлади. Минтақавий ҳамкорлик дастурлари минтақавий гуруҳлар ва ушбу гуруҳлар таркибидаги мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

Қуйидагилар минтақавий комиссия ва конференцияларнинг функциялари ҳисобланади:

– минтақа мамлакатлари томонидан халқаро стандартларни тадбиқ этилишини кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлаш;

– техник ҳамкорликни ташкил этиш;

– халқаро статистик стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

– минтақа бўйича статистик маълумотларни йиғиш ва тарқатиш;

– минтақада статистик фаолиятни умумий мувофиқлаштириб бориш.

Мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ бўлган сиёсатни ишлаб чиқиш ва қарорлар қабул қилишда асос сифатида, фойдаланиладиган статистик маълумотларни йиғиш тизимини яратиш ва ишлаб чиқиш статистика соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим мақсади ҳисобланади.

“Статистика дунёси”да энг юқори орган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика Комиссияси (БМТ СК) ҳисобланади ва у миллий статистика тизимларини ривожлантириш стратегияси ва статистика соҳасидаги назария ва амалиёт бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш юзасидан қарорлар қабул қилади.

Европа минтақасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комиссияси (БМТ ЕИК) раҳбарлигида Европа Статистиклар Конференцияси фаолият юритади.

Халқаро ҳамкорлик соҳасида фаоллик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаларининг (Жаҳон банки, Халқаро Валюта Жамғармаси ва бошқалар) статистика бўлимлари томонидан қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

– ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида минтақавий ташкилотлар билан ўзаро алоқа қилиш;

– ваколати доирасида, аниқ соҳаларда, статистик стандартларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш (асосий ёки ёрдамчи ташкилот сифатида);

– стандартларни жорий этишни  қўллаб-қувватлаш.

Статистик тизимларнинг миллий ҳисоблари кўрсаткичларининг услубий жиҳатдан бирхиллиги халқаро интеграция учун энг муҳим шартлардан бири бўлиб ҳисобланади. Миллий ҳисоблар тизими (МҲТ)ни статистика идоралари амалиётига жорий этилиши БМТ СК томонидан дунёнинг исталган мамлакатида расмий статистикани ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида қаралади, бу эса ўз навбатида статистик кузатишлар ва ҳисоб-китоб натижаларининг халқаро таққосланишига ёрдам беради.

Миллий статистика амалиётига МҲТни жорий этиш даражаси, БМТ Котибиятининг Статистика бўлимининг миллий ҳисоблар бўйича ҳар йили тарқатиладиган саволномалари ёрдамида, миллий статистика идоралари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар ҳамда миллий статистика идораларига керакли маълумотларни тақдим этилишининг тўлиқлиги, мамлакатда тегишли статистик кузатувлар ва ҳисоб-китобларни ўтказишга оид қўлланма ва услубларнинг мавжудлиги асосида аниқланади.

Бундан ташқари, БМТ тизимига кирмаган, масалан МДҲ Статистика қўмитаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Евростат ва бошқа  халқаро  ва миллий ташкилотлар ҳам халқаро миқёсда статистикани такомиллаштириш жараёнида иштирок этадилар. Уларнинг роли қуйидагилардан иборат:

– халқаро статистик стандартларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш (асосий ёки ёрдамчи ташкилот сифатида);

– дунё стандартлари билан максимал даражада мумкин бўлган бирхилликни таъминлаш;

– аъзо мамлакатларда халқаро стандартларни жорий этилишини кузатиб бориш;

– маълум бир минтақа, келишилган тематик мавзуларда, техник ҳамкорликка кўмаклашиш.

Таъкидлаш жоизки, БМТ тизимига кирувчи ҳамда мутлақо мустақил бўлган барча халқаро ташкилотлар, ўзларининг стратегик эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда статистик стандартларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашишда ўз фаолиятини БМТ Статистика Комиссиясининг устувор йўналишларига мувофиқ амалга оширадилар.

Статистика соҳасидаги назарий ва амалий масалаларни дастлабки муҳокама қилиш учун БМТ Котибияти “шаҳар” эксперт гуруҳларини тузади ва уларнинг ҳар бири ташкилий семинарлар ўтказиладиган жой номи билан аталади. Ушбу гуруҳлар  миллий статистика идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун очиқ бўлган, ўтказиладиган семинар ва конференцияларда ўз қарорларини шакллантирадиган бирлашмалар ҳисобланади. Уларнинг роли қуйидагилардир:

– халқаро ишлар дастурига мувофиқ, статистиканинг муайян йўналишларида халқаро стандартларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш;

– илғор тажрибалар бўйича маълумот алмашиш;

– БМТ СК кўрсатмалари асосида қўлланмалар тайёрлаш, классификациялар ишлаб чиқиш, консультациялар бериш.

БМТ СК томонидан расман эътироф этилган “шаҳар” гуруҳлари қуйидагилар:

– Ворбург гуруҳи. Фаолият йўналиши: хизматлар статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Канада статистика бошқармаси;

– Оттава гуруҳи. Фаолият йўналиши: нархлар статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Канада статистика бошқармаси;

– Лондон гуруҳи. Фаолият йўналиши: экология ҳисоб-китоби. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Евростат;

– Париж гуруҳи. Фаолият йўналиши: меҳнат ва иш ҳақи статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Франция статистика 
ва иқтисодий тадқиқотлар миллий институти;

– Деҳли гуруҳи. Фаолият йўналиши: норасмий сектор статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Ҳиндистон статистика Департаменти;

– Канберра гуруҳи. Фаолият йўналиши: уй хўжаликлари даромадлари статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Австралия статистика бюроси;

– Сиен гуруҳи. Фаолият йўналиши: ижтимоий статистика. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими, Евростат;

– Рио гуруҳи. Фаолият йўналиши: қашшоқлик статистикаси. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими;

– «Давра столи». Фаолият йўналиши: ташкилотлар реестри ва бизнес кузатувлари. Ташкилотчилар: БМТ Котибиятининг Статистика бўлими.

Шу каби функциялар БМТ СК қарорлари асосида яратилган экспертларнинг мақсадли гуруҳлари томонидан ҳам амалга оширилади.

Айни пайтда, халқаро савдо, миллий ҳисоблар, қишлоқ хўжалиги, асосий капиталга инвестициялар, номоддий активлар, миграция статистикаси бўйича мақсадли гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.

Статистика назарияси ва амалиётини такомиллаштириш борасида ўз иш фаолиятини қуйидаги секциялар бўйича ташкил этиб борадиган Халқаро статистика институти (ХСИ) муҳим ўрин тутади:

– Математик ва эҳтимоллар статистикаси бўйича Бернулли жамияти;

– Расмий статистика халқаро ассоциацияси;

– Статистик кузатувлар халқаро ассоциацияси;

– Статистикада компьютерлаштириш халқаро ассоциацияси;

– Статистик таълим халқаро ассоциацияси.

Ҳар икки йилда бир маротаба ХСИ сессиялар ташкил этади ва унда турли мамлакат олимлари ва амалиётчиларининг ҳисоботлари эшитилади.

БМТ Статистика комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, хусусан Европа Статистиклар Конференцияси ўз йиғилишлари ва тегишли котибиятлари ишларида доимий равишда миллий статистика идоралари томонидан статистик маълумотларни йиғиш ишларини оптималлаштириш масалаларига доимий эътибор қаратади.  

Ахборотларни тўплаш кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан турли мавзулар бўйича сўровномалар орқали амалга оширилади, шу ўринда БМТ Статистика Комиссияси ва Котибиятининг Статистика бўлими бу жараённинг координатори бўлиб хизмат қилади.

Миллий статистика идораларига мамлакатларнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларига мувофиқ, мунтазам равишда статистик маълумотлар, сўровнома ва анкаталар бўйича жавоблар йўллашни ташкил этишни бош ташкилот сифатида мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

БМТнинг бошқа ташкилот ва идоралари томонидан ҳам турли йўналишларда статистик маълумотлар йиғиб борилади. Жумладан, саломатлик ва соғлиқни сақлаш тизими, фуқаро авиацияси, транспорт, алоқа ва коммуникация, инсон ҳуқуқлари, наркотик моддаларни истеъмол қилиш, жиноятчилик, аёлларнинг ўрни, илм-фан, техника ва ҳоказо.

Халқаро даражада мехнат муносабатлари соҳасида умумэътироф этилган стандартларни, услубиёт ва таърифларни ишлаб чиқиш ва қўллаш билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштириб бориш Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан амалга оширилади. Меҳнат статистикасининг турли соҳаларидаги халқаро стандартлар Меҳнат статистиклари халқаро конференциялари (МСХК) қарорлари билан мустаҳкамланган. МСХКнинг қарорлари статистик дастурларнинг мақсадлари ва қўламини, асосий тушунчалар ва таснифларни, аниқ кўрсаткичларни, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш усуллари ва нашр этиш бўйича умумий тавсияларни белгилаб беради 

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), ўзининг ҳукуматлараро халқаро ташкилоти мақомига мувофиқ, озиқ-овқат ресурслари ва турли мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалалари билан шуғулланади ҳамда қишлоқ хўжалиги статистикасини ривожлантириш бўйича БМТнинг асосий маркази ҳисобланади.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) макроиқтисодий статистикани ривожлантиришда етакчи рол ўйнайди. ХВЖ Статистика департаменти  (ХВЖ СД) экспертлари мамлакатларнинг МҲТ, нархлар статистикаси, тўлов баланси, давлат молия статистикасининг қабул қилинган стандартларига мувофиқлиги юзасидан баҳолашлар ўтказиб борадилар.

Миллий статистика идоралари ХВЖнинг махсус саволномаси (ҳисоботи)ни тўлдириб борадилар. Саволнома, ишлаб чиқариш ва якуний истеъмол усулида ҳисобланган ялпи ички маҳсулот, ялпи миллий даромад, уй хўжаликлари истеъмол харажатлари, давлат бошқаруви харажатлари, нотижорат ташкилотлари, уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш, асосий капиталнинг жамғарилиши (моддий бойликлар соф хариди қўшилган ҳолда), моддий айланма ресурслар заҳираларининг ўзгариши, импорт-экспорт, хориждан соф ишлаб чиқариш даромадлари, ялпи жамғармалар, шунингдек, ЯИМни баҳолашдаги статистик тафовутлар каби маълумотларни ўз  ичига олади. Мазкур маълумотлар йиғилиб, ҳар чоракда эълон қилиб борилади.

БМТ Котибияти Статистика бўлими мамлакатлардан йиғилган махсус сўровномалар асосида миллий ҳисоблар бўйича маълумотларни қуйидаги: Миллий ҳисоблар статистикаси, Асосий агрегатлар ва жадваллар, Статистик йилнома, Европа ва Шимолий Америка трендлари каби ахборотномаларда нашр этиб боради. ХВЖ эса  шу каби маълумотларни Халқаро молия статистикаси ахборотномасида эълон қилиб боради.

Халқаро ахборот алмашинувининг муҳим иштирокчиларидан бири бўлиб Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳисобланади. Мазкур ташкилот турли мамлакатларда тадбиқ этиладиган расмий статистика услубиятларини таққосланишига, статистиканинг турли йўналишларида, энг аввало МҲТни жорий этиш ва халқаро таққослаш дастурларида келишилган позициясини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) нефть, газ, кўмир, электр, иссиқлик энергияси ва бошқаларни ишлаб чиқариш ва фойдаланиш бўйича мамлакатлар томонидан тақдим этиладиган сўровномалар маълумотлари асосида ҳосил бўладиган статистик маълумотлар банкини юритади. 

ХЭА халқаро энергетика бозорини ахборот билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш, энергия ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали халқаро савдонинг барқарорлигини таъминлаш, дунёдаги мамлакатлар ва минтақаларда энергетика дастурларини мувофиқлаштириб бориш мақсадида ташкил этилган мустақил орган ҳисобланади.

Миллий даражадаги статистик ташкилотларнинг мисоли сифатида, Европа иттифоқи фойдаланувчиларини мамлакатлар ҳақида ишончли, тўлиқ ва таққослама статистик маълумотларга эга бўлишини таъминлаш мақсадида тузилган “Евростат”ни келтириб ўтиш мумкин.

Шу мақсадда, Евростат, иқтисодий ва статистик таснифлар, кўрсаткичлар бўйича тушунтиришлар ва статистик кузатувлар услубиётларини амалда қўллаш бўйича Европа иттифоқига аъзо мамлакатлардан статистик маълумотларни йиғиш борасида ягона қоидаларни қўллайди. 

Халқаро ахборот алмашинуви, барча иштирокчиларни ягона “статистика” тилида гапиришини ёки ҳеч бўлмаганда, услуб ва услубиётлари ҳамда нашрларини ўз ичига олган миллий статистика тизими маълумотларидан фойдаланиш имконияти таъминланишини назарда тутади. 

 Маълумотларни тарқатиш стандартлари расмий статистика фаолиятини ташкил этиш, уни қўллаб-қувватлаш, миллий ва хорижий фойдаланувчиларни маълумотга бўлган эҳтиёжини қондириш, кўрсаткичларнинг халқаро таққосланишини таъминлаш, уларни хисоблаш ва статистик маълумотларни тўплаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган. Стандартларни жорий этиш, мамлакат ичидаги ахборотни яратадиган ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга яқиндан ёрдам беради.  

Бу борада, расмий статистика ривожланишининг турли даражаларига эга бўлган мамлакатлар учун қуйидаги уч тизимни жорий этган ХВЖ алоҳида ўрин эгаллайди:

– кенгайтирилган Маълумотларни тарқатиш умумий тизими;

– Маълумотларни тарқатиш махсус стандарти;

– Маълумотларни тарқатиш махсус стандарти плюс (+).

Стандартларни жорий этиш тарихи, 1990 йилларда юзага келган молиявий инқирозлар даврида, ахборотларнинг етишмаслиги, иқтисодий оқибатларни юмшатиш борасида қарор қабул қилиш ва чоралар кўришнинг кечикишига олиб келганлиги натижасида вужудга келган. Бунга жавобан ХВЖ, аъзо мамлакатлар маълумотларининг шаффофлигини ошириш ва ишончли статистика тизимларининг ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида, маълумотлар стандартлари бўйича ташаббусларни амалга оширишга киришди.  Натижада, ХВЖ, 1996 йилнинг март ойида Маълумотларни тарқатиш махсус стандарти (SDDS) ва 1997 йил декабрда Маълумотларни тарқатиш умумий тизимини (GDDS) жорий этди.

SDDS маълумотлар стандарти бўйича дастлабки ташаббусда кўзда тутилган икки даражадан биринчиси сифатида қабул қилинди. ХВЖ директорлар кенгаши, аъзо мамлакатлар учун иқтисодий ва молиявий маълумотларни жамоатчиликка етказиб беришда йўналиш сифатида SDDSни ташкил этди. Кўзланган мақсад, долзарб ва тўлақонли статистик маълумотларни олиш имкониятини ошириш, 
шу асосда, мамлакатларда пухта ўйланган иқтисодий сиёсатни амалга ошириш ва молиявий бозорлар фаолиятини яхшилашга қўмаклашиш ҳисобланган.  

Ўз навбатида, GDDS, аъзо мамлакатлар макроиқтисодий таҳлил эхтиёжларини қондириш борасида, статистика тизимлари томонидан тузилаётган ва тарқатилаётган маълумотларининг сифатини яхшилаб боришга қаратилган узоқ муддатли мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган тизимли жараён ҳисобланади.

GDDSнинг мақсади аъзо мамлакатларнинг статистика тизимларини ривожлантириш ҳисобланади ва SDDSга ўтишга тайёргарлик кўришда ривожланиш воситаси бўлиб хизмат қилади. 

Шу билан бирга, мамлакатлар фақатгина GDDS ёки SDDS тизимларидан бирида иштирок этиши мумкин. Аъзо мамлакатларнинг GDDS ёки SDDSга қўшилиши ихтиёрий тартибда амалга оширилади.

Мазкур стандартларга қўшилиш орқали аъзо мамлакатлар ҳукуматлари маълумотлар стандартлари бўйича шаффофлик тамойилларига қатъий риоя этишларини тасдиқлайдилар.

Умуман олганда, ушбу ҳар иккала ташаббуслар ўзининг муваффақиятлилигини кўрсатди, чунки улар мамлакатлар бўйича жамоатчилик учун очиқ бўлган маълумотларнинг долзарблиги ва сифатини оширди, молия сектори ва халқаро молиявий муносабатлардаги хатарларни, шунингдек, ушбу мамлакатларнинг иқтисодий зарбаларга қарши заиф тарафларини яхшироқ тушунишга ёрдам берди.

Бу эса, халқаро молия бозорлари операцияларида ҳам, иқтисодий сиёсатни баҳолашда ҳам фойдаланиш учун юқори сифатли маълумот олиш имконини яратди ва шу билан давлат ва хусусий секторда қарорлар қабул қилиш жараёнларига ёрдам берди.

Шу билан бирга, бир қатор мамлакатлар (асосан ривожланган мамлакатлар) ташаббуслари асосида учинчи стандарт, яъни SDDSнинг энг илғор кўриниши бўлган SDDS+ яратилди, шунингдек 2015 йил 1 июлдан ХВЖ Директорлар Кенгаши, амалда 1997 йилдан буён фойдаланиб келинаётган GDDS тизими ўрнига, такомиллаштирилган, кенгайтирилган Маълумотларни тарқатиш умумий тизими (е-GDDS)ни жорий этди.

GDDSга нисбатан е-GDDSда қуйидаги асосий ўзгартиришлар киритилган:

(а) жамғарма томонидан мониторинг олиб бориладиган умумий кўрсаткичлар билан маълумотлар тоифаларини оптималлаштириш;

(б) маълумотларни олишда қулайлик яратиш учун Йиғма маълумотлар миллий саҳифасини ишга тушириш (NSDP);

(в) маълумот тарқатиш чегараларини аниқлаш орқали, янада юқори тарқатиш стандартларига эришиш йўлларини жорий этиш.

Барча стандартлар, статистик маълумотларни шакллантирувчи миллий статистика, банк ва бошқа идораларнинг интернет тармоғидаги веб-сайтлари орқали муайян статистик маълумотлар тўпламларини эълон қилиб боришни  назарда тутади.

Энг муҳими, фойдаланувчиларга миллий статистика ва бошқа статистик маълумотлар ишлаб чиқарувчи идоралардан маълумотлар сифатини баҳолаш имконини берадиган маълумотларни тақдим этилишини талаб қилинишидир. Бунга, ахборот тўплашнинг манба ва усулларини, уларни олиш тартибини, қўлланиладиган усул ва услубиётларнинг халқаро статистик қўлланмаларга мувофиқлигини таснифловчи оммавий нашрларни эълон қилиш орқали эришилади.

Бугунги кунда, мамлакатларнинг 111 таси  ХВЖнинг  е-GDDS, 61 таси SDDS ва 14 таси SDDS+ тизимларига аъзо бўлганлар.

Халқаро таққослаш дастурларида миллий статистика идоралари иштирокини ташкил этиш БМТ СКнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу дастурлар доирасида ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) физик ҳажмлари мамлакатлар бўйича таққосланади. Чунки, айнан ЯИМ мамлакат иқтисодий фаолиятининг кўламини ва унинг иқтисодий фаровонлиги даражасини ифодаловчи асосий кўрсаткич ҳисобланади.

Халқаро таққослашлар, барча мамлакатларда ЯИМни аниқлаш тартиблари бир хил бўлишини талаб қилади, яъни ушбу кўрсаткич мамлакатлар ички бозорларидаги баҳолар даражасидаги фарқларни бартараф этишни ҳисобга олган ҳолда бир хил пул бирлигида ифодаланиши лозим бўлади. 

Халқаро таққослаш дастурини миллий ҳисобларни ривожлантириш ва давлатлараро иқтисодий ҳисоблар мажмуини тузиш сифатида қаралиши лозим. Энг муҳими, миллий статистика идоралари, нарх маълумотларини йиғиш жараёнларида умумий стандартларга риоя этиш масалаларида бошқа мамлакатлар билан ўз фаолиятларини мувофиқлаштириши лозим бўлади. Стандартларнинг бир қисми асосий ҳисобланади (дастурнинг барча аъзо мамлакатлари учун мажбурий).  Улар минтақавий ёки гуруҳ таққослашларида  нарх кузатишлари учун асос бўлиб хизмат қилади. Мамлакатларнинг минтақавий гуруҳида товарлар мажмуаси, ушбу гуруҳ таркибидаги аксарият мамлакатлар томонидан таклиф этилган товарлар ва асосий товарларнинг аксариятини ўз ичига қамраб олади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятида халқаро ҳамкорлик

Статистика соҳасида халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, халқаро ташкилотларни зарур бўлган статистик маълумотлар билан таъминлаб бориш 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида назарда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг халқаро ташкилотлар ва статистика идоралари билан халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви борасидаги фаолиятини янада жадаллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3165-сон қарори муҳим ўрин тутади. 

Қарор билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини 2017-2021 йиллар учун устувор йўналишларини белгилаб берувчи беш йиллик комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотлар, статистика ва молия институтлари ҳамда бошқа мамлакатлар статистика идоралари билан яқиндан алоқаларни ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича самарали фаолият олиб борилмоқда. 

Хусусан, халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида, халқаро ташкилотлар нашрлари ва маълумотлар банкларида Ўзбекистон Республикасига оид маълумотларнинг холис ва тўлақонли акс эттирилишини таъминлашга хизмат қилувчи халқаро даражада статистик маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси асосий эътиборни халқаро ташкилотларнинг сўровлари асосида уларнинг махсус саволномаларини тўлдириш ва тақдим этиш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 23 та саволномаси бўйича сўралган маълумотларни тақдим этиб бориш режалаштирилган. Буларнинг асосийлари қуйидагилар:

  1. БМТ Котибияти Статистика бўлими:

– саноат ишлаб чиқариш статистикаси бўйича йилномага оид саволнома;

– саноат ишлаб чиқариш индекслари бўйича сўровномалар;

– хизматлар халқаро савдоси бўйича сўровнома;

– Демография йилномаси бўйича саволномалар (аҳоли сонини баҳолаш; халқаро миграция ва саёҳатлар; аҳолининг табиий ҳаракати).

  1. БМТ Европа Иқтисодий Комиссияси:

– алоҳида макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича саволнома (нархлар индекси, саноат ишлаб чиқариш индекси, иш ҳақи, бандлик, ишсизлик, ички ва ташқи савдо);

– БМТнинг миллий ҳисоблар бўйича саволномаси.

  1. БМТ Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий-ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО):

– “Осиё ва Тинч океани минтақаси рақамларда” нашрини чоп этиш бўйича саволнома (аҳоли статистикаси, ижтимоий статистика, бандлик, энергетика, миллий ҳисоблар, ташқи савдо, молиявий статистика, нархлар индекси, саноат ишлаб чиқариш, ерлардан фойдаланиш, транспорт, туризм);

– ЭСКАТО йилномаси бўйича саволнома (аҳоли статистикаси, бандлик, ишсизлик, иш ҳақи, энергетика, ташқи савдо, молиявий статистика, нархлар индекси, саноат ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ерлардан фойдаланиш, ўғитлар, балиқчилик, саноат ишлаб чиқариш, транспорт, йўл-транспорт ҳодисалари).

  1. БМТ Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО):

– тадқиқот ва экпериментал ишланмалар бўйича саволнома;

– фильм ва кинотеатрлар юзасидан статистик маълумотлар саволномаси;

– саводхонлик статистикаси бўйича саволнома;

– инновациялар статистикаси бўйича саволнома;

– таълим бўйича саволнома;

– таълим бўйича саволнома (миллий таълим тизими);

– таълим бўйича саволнома (ТҚСТ 0-4);

– таълим бўйича саволнома (ТҚСТ 5-8).

  1. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО):

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш статистикаси бўйича саволнома.

  1. БМТ Халқаро болалар фавқулодда жамғармаси (ЮНИСЕФ):

– CRING маълумотлар банки бўйича ахборотлар;

– TransMonEE маълумотлар банки бўйича ахборотлар.

  1. Евростат, Халқаро Транспорт Жамғармаси (ХТФ)БМТ ЕИК:

– транспорт статистикаси бўйича умумий саволнома.

  1. Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ):

– уй хўжаликларида АКТлардан фойдаланиш ҳолати бўйича саволнома.

  1. МДҲ Статистика қўмитаси:

– МДҲ мамлакатларида давлатлараро статистик маълумот алмашиш юзасидан саволнома.

  1. Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ):

– Осиё ва Тинч океани минтақасида барқарор ривожланиш мақсадлари 
ва гендер тенглик масалалари бўйича саволнома.

  1. Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ):

– ХВЖнинг к-МТУТ (е-GDDS) доирасида Йиғма маълумотлар миллий саҳифасида маълумотларни эълон қилиб бориш.

Шу билан бирга, Давлат статистика қўмитаси томонидан бошқа халқаро ташкилотлар, иқтисодий ва молиявий институтлар ва бошқа ташкилотларнинг ҳам сўровлари асосида зарур маълумотлар тақдим этиб борилади.

БМТ тузилмалари, Евростат, БМТ ЕИК, МДҲ Статистика қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Статистика қўмитаси, ХВЖ, ОТБ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан статистик маълумотлар ва тажриба алмашиш борасида ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган семинарлар, ўқув курслари, тренинглар ва муайян масалаларда ташкил этиладиган тажриба алмашиш бўйича хизмат сафарларида Давлат статистика қўмитаси тизими ходимларининг иштироки орқали малака ошириш ишларида яқиндан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, ривожлантириб борилмоқда. 

Шунингдек, бошқа мамлакатлар статистика идоралари, хусусан Россия Федерал Давлат статистика хизмати, Украина Давлат статистика хизмати, Озарбайжон Давлат статистика қўмитаси, Грузиянинг миллий статистика хизмати, Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Корея Республикаси «Statistics Korea» ташкилоти ва бошқалар билан яқиндан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда семинарлар, ўқув курслари, тренинглар ва муайян масалаларда тажриба алмашиш бўйича хизмат сафарларини ташкил этиш, қўшма ўрганишлар ўтказиш, эксперт ва консультантларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

2017 йилда БМТ ЕИК билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида семинар ташкил этилди. Унда статистик бизнес-жараёнларнинг умумий модели (GSBPM) ва уни амалиётга жорий этиш ҳамда барқарор ривожлантириш мақсадларига доир статистикани юритиш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тизими ходимлари мунтазам равишда халқаро конференциялар, семинарлар, тренинглар ва ўқув курсларида иштирок этиб келмоқдалар. Жумладан, 2017 йилда қўмита тизимининг 53 нафар ходимлари Австрия, Швейцария, Франция, Италия, Испания, Венгрия, Греция, Сербия, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Туркия, Беларусь, Литва, Грузия, Қозоғистон ва Озарбайжон мамлакатларида БМТ ЕИК, ЮНИСЕФ, ФАО, Евростат, Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича статистика институти, ХВЖ, Жаҳон банки, Европа эркин савдо жамияти каби халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилган 40 дан ортиқ конференция, семинар, тренинг ва ўқув курсларида иштирок этдилар.

Ўз навбатида, 2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ ЕИК билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятининг халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқлиги юзасидан “Умумий шарҳ” ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ушбу тадбир, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тизими фаолиятининг мавжуд даражасини баҳолаш, ютуқлар ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан келгусидаги режаларни белгилаш орқали тизим фаолиятини янада такомиллаштириш имконини беради.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Россия Федерал Давлат статистика хизмати билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси мутахассислари гуруҳини 2018 йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясига қишлоқ хўжалиги хатловини ўтказиш юзасидан тажриба ўрганиш бўйича ташрифи уюштирилмоқда.

Шу каби, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва Россия Россия Федерал Давлат статистика хизмати билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси мутахассислари гуруҳини 2018 йилнинг октябрь ойида Россия Федерациясида синов тариқасида бўлиб ўтадиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида иштирок этиши ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда, ХВЖнинг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатиш умумий тизими (e-GDDS)ни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш юзасидан қарор қабул қилиниши алоҳида эътиборга лойиқ бўлганини таъкидлаб ўтиш лозим. 
2017 йилда бу борада ишларни ташкил этиш юзасидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ХВЖнинг тавсияларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси “миллий мувофиқлаштирувчи” сифатида белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида к-МТУТни жорий этиш борасида ХВЖ билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди. Бу борада, кўрсаткичларни такомиллаштириш ва халқаро андозаларга мослаштиришда кўмаклашиш мақсадида, ХВЖ томонидан техник кўмак миссиялари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий веб-саҳифасида “ХВЖнинг к-МТУТ” бўлинмаси ташкил этилиб, Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк, “Тошкент” Республика фонд биржаси томонидан зарур маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда. Шунингдек, тизим талаблари асосида, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб “Йиғма маълумотлар миллий саҳифаси” ишга туширилди.

Албатта, Ўзбекистон Республикасини ХВЖнинг маълумотларни тарқатиш стандартлари бўйича ташаббусига қўшилиши ва к-МТУТни жорий этиши, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсини оширишга ёрдам беради ва халқаро ҳамжамиятга унинг реал иқтисодий куч-қудратини намойиш этади. 

Умуман олганда, расмий статистика фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик, жамиятни тўлиқ, сифатли, ишончли, таққослаш имконини берувчи, очиқ ва долзарб бўлган ахборот билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

 

 

stat.uz
Bukvus
Jo‘natish uchun belgilangan matn:
Siz "Jo‘natish" tugmasi orqali xatolik haqidagi ma‘lumotni jo‘natishingiz yoki xato haqida qo‘shimcha izoh kiritishingiz mumkin.